Posted on

ХУСУСИЙ КЛИНИКА ТИББИЁТ КЛАСТЕРИГА АЙЛАНДИ

Тиббиётда хусусий секторга имконият берилгани рақобат ва сифатни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Фарғона вилоятида бундай муассасалар 720 тага етди. Улардан бири Фарғона шаҳридаги “Meridian” тиббиёт марказидир. 

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

2021 йил декабрда фойдаланишга топширилган клиника замонавий ташхис ва даволаш хизматлари кўрсатиб келмоқда. Бунинг учун Германия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойдан замонавий ускуналар келтирилган. Шифохона 120 та стационар ўринга, йилига 2 мингта жарроҳлик амалиётини ўтказиш қувватига эга.

Эътиборлиси, ўтган йили тиббиёт маркази ҳузурида университет ҳам очилди. Ҳозир 600 нафар талаба ўқимоқда, уларга чет эллик ўқитувчилар сабоқ бераётир. Талабалар тиббиёт марказида амалиёт ўтайди.

Шу тариқа бу муассаса замонавий клиникалар, ташхис марказлари, лабораториялар ва университетни ўзида бирлаштирган тиббиёт кластерига айланди.

Давлатимиз раҳбари шифокорлар билан суҳбатлашди.

– Хусусий тиббиётга шароит яратганимиз ўзини оқлади, буни аҳоли қабул қилди. Чунки одамларимиз яхши яшашга интиляпти, ўз соғлиғига қараяпти. Аҳоли даромадини ошириш бўйича қилаётган ҳамма ҳаракатларимиз аслида шунинг учун – халқимизнинг соғлом ва фаровон яшаши учун, – деди Шавкат Мирзиёев. Клиниканинг интервенцион кардиология, кардиохирургия, трансплантология, радиологияни йўлга қўйиш борасидаги лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Posted on

ҚУВАСОЙДА КЕРАМИКА КОРХОНАСИ ИШГА ТУШДИ

Президент Шавкат Мирзиёев Қувасой шаҳридаги “Art soft ceramics” корхонаси фаолияти билан танишди.

Ўтган йил декабрда иш бошлаган корхона йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулотлар тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.

Маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари корхонада ва умуман Қувасой шаҳрида экспорт кўрсаткичларини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун чет элдаги саноат зоналари билан ҳамкорлик ўрнатиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Posted on

ДАВЛАТ РАҲБАРИ ВОДИЙ ВИЛОЯТЛАРИДА БЎЛАДИ

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига жўнаб кетди.

Ташриф давомида саноат корхоналари ва янги уй-жойларни кўздан кечириш, ёшларга касб ўргатиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари билан танишиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам бўлади.

Posted on

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: МАМЛАКАТИМИЗНИНГ ЭНГ КАТТА БОЙЛИГИ – ЁШЛАР

Давлатимиз раҳбари халққа Мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш заруратини айтган эди. 20 январь куни бу борадаги вазифалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши режалаштирилди.

Бу мақсад жойларда ҳаётга кўча бошлади. Хусусан, Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактаби таъмирланиб, қўшимча шароитлар яратилди. Мактабнинг бўш турган ертўласи тадбиркорларга ажратиб берилиб, ёшларни касбга йўналтириш йўлга қўйилди.

Президентимиз ушбу хоналарни кириб кўрди.

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари бу ерда тикувчилик, мебелчилик, қандолатчилик, косибчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак тикиш каби йўналишларни ўрганмоқда. Шунингдек, мактаб ҳудудида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш, типография, компьютер хизмати ва салонлар ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

– Эътибор берсангиз, касб эгалламай ўқишни битирганлар ҳаётда қийналади, иш тополмайди. Кимнинг қўлида ҳунари бўлиб, чет тилини билса, йўли очиқ. Сизларда шундай имконият бор. Ўзингизни қийнаб, қунт билан билим олинг, ҳунар ўрганинг. Қарорлар, саъй-ҳаракатлар қачон натижа беради? Мутахассис зўр бўлса. Инвесторлар ҳам кадрларнинг билим ва малакасига ишониб келади. Мамлакатимизнинг энг катта бойлиги – ёшлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Posted on

ПРЕЗИДЕНТ МАҲАЛЛА ҲАЁТИНИ КЎЗДАН КЕЧИРДИ

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманидаги Садда таги маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди.

Бу маҳаллада 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Оилалар ердан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олган. Кейинги йилларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида паррандачилик, узумчилик, иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шунингдек, маҳалла ҳудудида тўқимачилик корхонаси, озиқ-овқат дўконлари ва устахоналар бор.

Ўтган йили маҳалла биноси янгидан қурилиб, кўчалар таъмирланди, ишкомлар барпо этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар бу маҳалла ҳаётида ҳам сезилмоқда. Буни маҳаллада ишсизлик камлиги, ўтган йили бирорта ҳам жиноят бўлмаганида ҳам кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбари шу ерлик Диёр Мамадалиев хонадонида меҳмон бўлди.

Маълумки, Андижон вилоятида аҳоли зич жойлашган. Уй-жойга талаб катта. Жумладан, Мамадалиевлар уйида ҳам беш оила яшаётганди. Шу боис хонадон ҳовлисида тажриба тариқасида йиғма уйлар қурилди. Улар камхарж, иссиқ-совуқ ва ёнғинга чидамли, қуриш ҳам осон.

Президент мезбонларни янги уйлар билан муборакбод этди. Бинонинг лойиҳаси, қурилиш материалларига эътибор қаратди.

– Уй инсоннинг энг асосий эҳтиёжларидан бири. Ҳам давлат, ҳам тадбиркорлар томонидан кўплаб турар жойлар қурилаётгани халқимиз манфаатини таъминлаяпти. Танлов имкониятини кенгайтириш учун, эҳтиёжмандлар учун бундай арзон уйлар ҳам керак, – деди Шавкат Мирзиёев. Бундай уйларни кўпайтириш, улар учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.